Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Бу ташриф икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар тарихида навбатдаги муҳим босқичга айланади. Ташрифнинг биринчи куни Президент Илҳом Алиев билан бўлиб ўтган музокаралар, Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ва имзоланган келишувлар нафақат икки томонлама алоқаларни, балки минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларнинг йўналишини белгилашда ҳам муҳим саналади.

Давлатимиз раҳбари 3 июль куни Боку шаҳрида Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди.

Президентимиз Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, Озарбайжоннинг буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Ҳайдар Алиев ҳақли равишда мустақил Озарбайжоннинг асосчиси ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида мамлакатнинг жадал ривожланиши ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

Унинг давлат қурилиши ва миллий суверенитетни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси Озарбайжон тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистонда Ҳайдар Алиевни қардош давлатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта аҳамият берган давлат арбоби сифатида чуқур ҳурмат қилишади.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Боку шаҳридаги Ғалаба боғига борди.

Ўзбекистон етакчиси Ғалаба кунига бағишланган ёдгорлик пойига гул қўйиб, Озарбайжон ватанпарварлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Озарбайжон пойтахти марказида жойлашган ушбу замонавий ёдгорлик мажмуаси мамлакат озодлиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлида қурбон бўлган миллий қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Фузулий шаҳрига келди.

Аэропортда олий мартабали меҳмонни Озарбайжон маданият вазири Одил Керимли ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Шаҳар буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Муҳаммад Фузулий номи билан аталган. Мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бу шаҳар азалдан Қорабоғнинг «жанубий дарвозаси» ҳисобланади.

2020 йилдан бошлаб Фузулий тумани ва шаҳрида кенг кўламли қайта тиклаш дастури амалга оширилмоқда. 2021 йилда фойдаланишга топширилган Фузулий аэропорти барпо этилган муҳим объектлардан бири бўлди. Шаҳарда, шунингдек, замонавий турар жой мажмуалари, тиббиёт ва таълим муассасалари, инфратузилма объектлари қад ростлади, янгилари қурилмоқда.

2023 йил август ойида икки мамлакат етакчилари шаҳарда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан биродар халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида қурилган Мирзо Улуғбек номидаги замонавий мактабни очган эдилар.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хонкенди шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кутиб олди.

Бу ерда етакчилар қўшма тикувчилик фабрикаси фаолияти билан танишди.

Корхона Президентлар томонидан 2024 йил ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган БМТ Иқлим саммити доирасидаги учрашувда ишга туширилган эди.

Тикувчилик фабрикасининг майдони 1,2 гектар. Лойиҳанинг умумий инвестиция қиймати 6,2 миллион долларни ташкил этади. Жами 800 та иш ўрни яратилади.

Корхонада йилига 3-5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Тайёр маҳсулотлар ҳам ички бозорга, ҳам экспортга етказиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди.

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони барқарор ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Амалий алоқалар фаоллашди. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилди. Июнь ойида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланди.

Ўзбекистон етакчиси чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика ҳамда қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.

Стратегик муҳим минтақавий лойиҳа – Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Ағдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига ташриф буюрди.

Бу ерга Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам келди.

Ағдам шаҳри Озарбайжоннинг ғарбий қисмида, Қорабоғ туманида жойлашган. 2021 йилдан бошлаб шаҳар инфратузилмаси фаол тикланмоқда: янги мактаблар, болалар боғчалари, уй-жойлар, маъмурий бинолар қурилмоқда.

«Иморат» мажмуасида Қорабоғ хонлиги асосчиси Паноҳ Алихоннинг саройи ва мақбараси жойлашган. 2024 йилда мажмуа реставрация ишлари ва археологик тадқиқотлардан сўнг қайта очилди.

Бу ерда Қорабоғ тулпорлари парки ва интерактив музей ташкил этилган.

Етакчилар мажмуада яратилган шароитлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди. Меҳмонлар эътиборига Озарбайжон Қорабоғининг бой маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи Қорабоғ тулпорлари иштирокидаги «Зафар» номли маданий дастур тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА