Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов ва Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар билан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказмоқда. Шундай учрашувлардан навбатдагиси Тўрткўл туманида бўлиб ўтди.

Бош мақсад – кичик ва ўрта бизнес вакилларининг солиқ соҳасидаги ва бошқа соҳалардаги муаммо ва таклифларни ўрганиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ижобий ечим топишдан иборат.

Учрашувда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларига берилган солиқ имтиёзлари ва солиқ идоралари томонидан яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, норасмий тадбиркорлик фаолиятини соядан олиб чиқиш ҳамда саноат корхоналарида ёқилғи-энергия ресурсларидан тежамли фойдаланиш мақсадида электр энергияси учун тариф 15 фоиз пасайтирилган миқдорда имтиёзлар берилгани ҳақида тушунчалар берилди.





Таъкидланганидек, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йил 1 январь санасига 34574 (шундан, 22143 микрофирма, 1775 кичик корхона, 16312 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Хусусан, Тўрткўл туманида 4443 (шундан, 2376 микрофирма, 215 кичик корхона, 1852 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Туманда бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 71,1 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 74,5 млрд. сўмга (104,8%) бажарилиб, бюджетга қўшимча 3,4 млрд. сўм тушум таъминланди ёки 2023 йилга нисбатан 117 фоизга, яъни 11,0 млрд. сўмга ўсиш бўлди.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 1 трлн. 298 млрд. сўм солиқ тўланиб, бюджетга жами тушумдаги улуши 43 фоизни ташкил этади.

Шундан, кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 113,1 млрд. сўм солиқ тўлаб, бюджетга жами тушумдаги улуши 45,8 фоизни ташкил этади.

Кичик ва ўрта бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларда бизнес муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий ўсишга туртки берадиган янги бизнес ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар билан янги ташқи бозорларга чиқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги ПП‑50‑сон махсус фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан 2025 йил 1 майдан бошлаб «ўзини-ўзи банд қилган фуқаро -якка тартибдаги тадбиркор – кичик бизнес – ўрта бизнес – йирик корхона» занжири асосида тадбиркорлик субъектларининг йириклашишини рағбатлантириш бўйича механизмлар жорий этилди. Хусусан, ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда давлат божи ундирилмайди. Ўз фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 миллион сўмгача, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 150 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади.

Ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади. Ушбу фармон билан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор солиқ имтиёзлари ҳам берилган.

Бу ўзгаришлар, албатта, юртимизда тадбиркорлар сонини кўпайтириб, янги иш ўринлари яратилишига ва иқтисодиётимиз ривожига замин бўлади.

Учрашувда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, тадбиркорлар томонидан солиқ ҳисоботларини топшириш, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, товарларни рақамли маркировкалаш, маъмурий жарималар ҳамда мол-мулк солиғи ҳисоботларини тўғри топширишда аниқланган камчиликларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатлар қабул қилинди.

Учрашувда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланиб, улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги