Тошкент шаҳрида аҳолининг заиф қатламларидаги шахсларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган одам савдосига қарши курашиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия, Болалар омбудсмани, ЕХҲТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва мувофиқлаштирувчи бюроси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ННТ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси”ни амалга ошириш ҳамда “Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишнинг миллий институционал асосларини янада ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда заиф гуруҳлар учун одам савдосининг ортиб бораётган хавф-хатарларига эътибор қаратилди.

Одам савдосига қарши курашишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш учун платформа яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Иштирокчилар одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ва илғор тажрибалар билан ўзаро ўртоқлашди. Одам савдосининг гендер жиҳатлари ва психологик оқибатларини таҳлил қилишга асосланган ёндашувлар бўйича мулоҳазалар билдирилди.

Интерактив сессиялар, гуруҳ муҳокамалари, амалий топшириқларни ўз ичига олган мазкур тадбир иштирокчилари самарали усулда одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, ундан жабрланганларни ҳимоя қилиш бўйича зарур бўлган барқарор билимга эга бўлишга ҳамда ўзларининг амалий кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА