Кейинги йилларда мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикаси билан савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда, «BYD» электромобилларини ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
«Яшил» энергетика, нефть-газ, кимё, фармацевтика, металлургия, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида, шунингдек, логистика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Чимбой тумани ҳокими Айбек Тажетдинов Хитой Халқ Республикасининг «PEI FU YANG» компанияси вакилларидан иборат ишбилармонлар делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Айбек Тажетдинов туман ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борди.
Ўз навбатида, хитойлик делегация аъзолари туман ҳудудидаги ер майдонлари ва мавжуд инфратузилма билан бевосита танишиш мақсадида жойларга чиқиб, ўзларининг қўшимча таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси