Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов мамлакатимизнинг Сингапурдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қаюмов, Индонезия давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Эшонов, Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ва Жанубий Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов билан учрашди.
Энг аввало Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов элчиларни республикамизга ташрифи билан самимий қутлаб, ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан бундай муҳим учрашувларнинг жойларда ўтказилиши, ҳудудлар иқтисодиётининг барқарор ривожланишига янада кенг имконият яратишини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ҳудудларда инвестиция муҳити яхшиланиб, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш борасида жойларда амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, халқаро грантлар ва ташқи беғараз маблағларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида Вазирлар Кенгашининг Раиси томонидан Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида тадбиркорларга, айниқса хорижий инвесторларга кенг йўллар очилиб берилиб, уларга бир қатор имтиёзлар ва барча шароитлар яратилаётгани бўйича маълумотлар бериб ўтди.
Ўз навбатида ўтказилган учрашувда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, келгусида Оролбўйи минтақасини янада ривожлантириш, хорижий давлатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвесторларни жалб этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги