Термиз мулоқоти

Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида 19-21 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзуида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Форумда Россия Фанлар академияси Евгений Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти, Буюк Британия Қироллик халқаро муносабатлар институти, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти, Финляндиянинг Мартти Ахтисаари номидаги Тинчлик жамғармаси, Германиянинг Бергхоф жамғармаси, Ҳиндистоннинг Халқаро ишлар бўйича кенгаши, Ҳиндистоннинг “Обсервер Ресеарч Фоундатион” таҳлилий маркази, Покистон Стратегик тадқиқотлар институти, Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти каби нуфузли ташкилотларнинг экспертлари иштирок эди. Шунингдек, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар ҳам ўз маърузалари билан қатнашди.

Президентимизнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусини илгари суришда кўп томонлама мунозара майдонини шакллантиришга хизмат қилган тадбирда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молия тузилмаларининг ролини кенгайтириш, экспертлар мулоқоти салоҳиятини ишга солиш сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро мулоқотнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Арипов, Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов Ўзбекистон кейинги йилларда дунёда очиқ, прагматик сиёсат олиб бораётгани мамлакатни ҳар тарафлама юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўтмишдаги довруғини қайта тиклаб, Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришда муҳим коридор вазифасини бажариш йўлида ишончли қадам ташлаётгани қайд этилди. Форум ишига муваффақият тилади.

Сайёрамизда кечаётган ҳозирги мураккаб шароитда ўтказилган Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни қайта тиклашда муҳим аҳамият касб этади. Унинг устувор вазифаларидан бири – давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорликка асосланган ва қарши қўйишга олиб келувчи вазиятлардан воз кечишга қаратилган янги муносабатлар моделларини шакллантиришдан иборат.

Термиз азалдан маданиятлар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида ўз ўрнига эга бўлган шаҳар. Қадимий кентда зардуштий, буддизм, насронийлик ва ислом каби динлар анъаналари шаклланиб, ривожланган.

Икки ярим минг йилдан ортиқ тарихга эга шаҳар антик давр муаллифларининг асарларида ҳам тилга олинган. Буюк Ипак йўлидаги муҳим нуқталардан бири бўлган.

Айни пайтда Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим бўғин сифатидаги ўрни қайта тикланмоқда. Хусусан, “Термиз” халқаро савдо маркази кўп тармоқли транспорт-логистика маркази, “Термез Карго Центр” каби йирик иншоотлар барпо этилди. Вилоят Янги Ренессанс даврини бошдан кечириб, савдо, инвестиция ва илм-фан марказига айланиб бораётир, ривожланмоқда. Жумладан, биргина ўтган йил 560 миллион доллар қийматидаги 37 та йирик саноат лойиҳаси амалга оширилди. Қўшни давлатлар – Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан савдо муносабатлари юксалмоқда. Ўтган йил мазкур давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 82 миллион долларга етиб, 2023 йилга нисбатан 116 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 689 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди. 550 дан ортиқ маданий мерос ва туризм объекти мавжуд воҳанинг бой сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш учун ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, шу йил Бойсун туманидаги Узундара ёдгорлиги ҳудудида очиқ осмон остидаги музей барпо этилди. “Омонхона” санаториясини таъмирлаш ва кенгайтириш давом этмоқда. Янги санаторий мажмуаси қурилмоқда. Бойсун ва Сариосиё туманларида дор йўллари қуриш, Олтинсой туманида зиплайн мажмуаси барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилояти улкан иқтисодий имкониятлар, ер ости ва ер усти табиий бойликларига эга ҳудуд. Нефть ва газ, фосфорит, доломит ва гипс каби фойдали қазилмаларнинг катта захираси бор. Уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини йўлга қўйиш ички ва ташқи инвестицияларни жалб этишга кенг йўл очади.

Бой тарихий-маданий мерос ҳамда иқтисодий ўсиш Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим ҳалқа сифатидаги ўрнини тиклаш учун ўзига хос ва ноёб имконият яратаётир. Бу ерда ташкил этилган Термиз мулоқоти макрорегионда ўзаро боғлиқликни кучайтириб, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда умумий ёндашувларни шакллантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Термиз мулоқоти Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси ва “Termez Cargo Centre” халқаро транспорт-логистика хаби билан танишувдан бошланди.

Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси Глобал таъминот тармоғи омбори мақоми берилган. Жаҳонинг саккизинчи йирик таъминот тармоғи мақомига эга бўлган хаб Афғонистон ва бошқа давлатлардаги ёрдамга эҳтиёж сезадиган инсонлар учун захира яратиш ҳамда зарур бўлганда тезкор етказиб беришни самарали ташкил этиш учун жуда қулай ҳудудда жойлашган. Бу жараёнда Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасидаги стратегик жойлашуви, бу ерда яратилган транспорт-энергетика инфратузилмаси ва бошқа омиллар ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Аҳолининг заиф қатламларига ёрдам бериш учун асосий ресурсларни етарли даражада таъминлаш имкониятлари кўламини янада кенгайтирди. Бундай имконият ва минтақамизда ҳозирча ягона “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида афғон тарафидан келадиган меҳмонлар учун яратилган қулайликлар, бошқа замонавий шароитлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Аслида Термиз мулоқоти яхши ташаббус бўлди. Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган бу савдо маркази ҳар икки давлат ривожланишида муҳим роль ўйнамоқда, – дейди Афғонистондаги “Газанфар Банк” бош директори ўринбосари Матиулла Обаиди. – Савдо маркази раҳбарининг айтишича, замонавий бу мажмуа бошқа давлатлар, жумладан, Жанубий Осиё, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ҳамда Марказий Осиё билан алоқаларни кенгайтириш учун янги режа ва ташаббусларга эга.

Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаб, ривожлантиришда Ўзбекистон муҳим роль ўйнамоқда. Афғонистон эса Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи марказ сифатида ҳаракат қилмоқда. Мен Афғонистондаги етакчи банклардан бирининг вакили сифатида савдо операцияларини молиялаштириш, савдо молияси ҳамда ушбу давлатлар ўртасидаги молиявий транзакцияларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, деб айта оламан. Шунингдек, бу ерда банкимиз филиалини очиш имкониятларини ўрганиб чиқяпмиз. Маълумотларга кўра, айни дамда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. Бу йўналишда улкан салоҳият мавжуд. Чунки Марказий Осиё иқтисодиёти 500 миллиард доллар, Жанубий Осиё эса 3 триллион доллардан ошиқ иқтисодий қувватга эга. Бу икки минтақани боғлаш орқали бизнес ҳажмини кенгайтириб, савдони ривожлантириш ва молиявий ечимларни ҳал этиб, уни осонлаштириш имконияти мавжуд. Термизнинг бошқа давлатлар учун роли ҳақида гапирадиган бўлсак, Термиз мулоқоти бу икки минтақани боғловчи муҳим платформага айланмоқда. Тўғри, ҳозир савдо ҳажми андак паст даражада бўлиши мумкин. Аммо Термиз келажакда бу соҳадаги ҳамкорликни кучайтириб, савдо-сотиқни ривожлантириш йўлларини, молиявий операцияларни енгиллаштиради. Ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Дунё глобал ўзгаришлар, геосиёсий таранглик ва иқтисодий бурилишлар билан тўқнашаётган ҳозирги шароитда давлатларнинг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаши, ишончли мулоқотни йўлга қўйиб, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириши барқарор хавфсизликни таъминлаб, тараққиёт сари етаклайди.

“Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзуида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича бўлиб ўтган Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши доирасидаги дастлабки сессияда иштирок этган давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари шу ҳақда атрофлича фикр алмашди. Мавзу юзасидан ўз қарашлари ва мулоҳазаларини билдирди.

Форумнинг минтақалараро молия институтлари ва хусусий секторнинг иқтисодиётни ўстиришда ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган иккинчи сессиясида Ўзбекистон минтақада хусусий бизнесни ривожлантириш учун кенг қамровли ишларни амалга ошираётгани алоҳида эътироф этилди.

Мавзу юзасидан мулоқотларда Афғонистон савдо-инвестиция палатаси раиси ўринбосари Хан Джан Алаказай, Қозоғистон ташқи савдо палатаси бошлиғи, бошқарув аъзоси Асан Жакишев, шунингдек, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти савдо-саноат палатаси, Покистоннинг Белужистон провинцияси Кветти савдо-саноат палатаси, Тожикистоннинг Сўғд вилояти савдо-саноат палатаси, Туркманистон Савдо савдо-саноат палатаси вакиллари, Афғонистондаги “Газанфарбанк” бош директори ўринбосари Матиулла Обаиди, “Азизибанк” директори Хануллах Юсуфзай ва бошқалар сўзга чиқиб, минтақаларда хусусий бизнесни ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва мамлакатларини иқтисодий ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишлари хусусида маълумот берди. Ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молия тузилмаларининг ролини кенгайтириш бўйича фойдали таклифлар ўртага ташланди.

Тадбирда “Каталист” кампанияси бошлиғи Муҳаммад Сулаймон бин Шайхнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида хусусий секторни ўзаро қўллаб-қувватлашнинг ҳудудий платформасига бағишланган тақдимоти ўтказилди.

Уч кун давом этган Термиз мулоқотида Ўзбекистон ўз ташқи сиёсий стратегиясида Жанубий Осиё билан ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали Евроосиёнинг улкан минтақасини барқарорлик ва изчил тараққиёт ҳудудига айлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани ўз ифодасини топди.  Жумладан, ҳудудий ўзаро алоқалар бўйича экспертлар мулоқоти ташкил этилган учинчи сессияда ҳам Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришда етакчи давлатга айланаётгани, анжуман ўтказилган Термиз шаҳри Марказий ва Жанубий Осиё кесишмаси бўлган минтақалараро боғлиқликнинг марказий нуқтасида жойлашгани  алоҳида қайд этилди. Бу шаҳарнинг ўтмишдан цивилизациялар, маданиятлар, динлараро мулоқот маркази бўлиб келганига эътибор қаратилди.

– Биз 35 йилдан буён қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлашни муҳокама этиб келамиз, – дейди Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти бош илмий ходими Санат Кушкумбаев. – Ҳозирги глобаллашув даврида бу табиий ҳол. Энди тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган алоқаларимизни қайта тиклаш вақти келди. Ҳозир айнан шу жараён кечмоқда.

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт алоқасининг умумий архитектурасини яратиш, Евроосиёнинг улкан макроминтақасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини биргаликда излаш, инсоният дуч келаётган экологик муаммолар, кибертаҳдид ва минтақадаги бошқа долзарб масалалар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Халқаро анжуман иштирокчилари, шунингдек, Термиз археология музейи, Термиз туманидаги дунёда муқобили йўқ Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази билан танишди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари