Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётган “M360 GSMA Eurasia” 2025 форуми доирасида Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик (ASHH)га аъзо давлатлар алоқа маъмуриятлари раҳбарлари Кенгашининг 63-йиғилиши ҳамда МДҲга аъзо давлатларнинг Ахборотлаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг 31-йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишга рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов раислик қилмоқда.

Тадбирда мамлакатимиз ҳамда Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикалари, Россия Федерацияси алоқа маъмуриятлари раҳбарлари вакиллари иштирок этмоқда. Шу билан бирга Афғонистон делегацияси кузатувчи сифатида қатнашмоқда.
2022 йилда биринчи бор Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Алоқа маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши раиси этиб сайланган рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов жорий тадбир доирасида яна 3 йилга ушбу лавозимга қайта сайланди.

Тадбир доирасида минтақавий рақамли интеграция, телекоммуникация инфратузилмасини кенг ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сунъий йўлдош технологияларига асосланган алоқа тизимларини янада кенгайтириш каби энг долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Н.Раҳмонова, ЎзА