Марказий банк бошқаруви 2025 йил 24 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Охирги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар ва вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда.
Йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этди. Айни пайтда базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, нархларга таклиф омиллари билан бир қаторда, талаб омиллари ҳам оширувчи таъсир кўрсатаётганини акс эттирмоқда.
Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.
Жорий йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм алмашув курсининг савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция кўрсаткичи 7-8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.
Биринчи чоракда ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ошиши ҳисобига иқтисодий ўсиш 6,8 фоизгача тезлашди. Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши ҳамда кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.
Жорий йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестициялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.
Йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм алмашув курсининг савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.
Пул-кредит шароитлари жорий қатъийлик даражасининг сақлаб қолиниши келгусида кредитлаш ҳажми ўсишининг мўътадиллашуви ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этишини таъминлаб ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтирувчи хусусиятга эга бўлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА