Орол маданияти саммити доирасидаги учрашув
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори натижасида ўтказилаётган Орол маданияти саммити доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович билан учрашди.

Учрашувда дастлаб мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик ва халқимиз турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ташаббусларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш ва унга қарши курашиш масалаларини илгари суришда глобал етакчи бўлган Европа иттифоқи билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш борасидаги амалий чора-тадбирлар ғоят муҳим эканлигига алоҳида баҳо берилди.
Учрашув давомида мамлакатимиз, жумладан, Қорақалпоғистон ва БМТ Тараққиёт Дастури ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, хусусан, Қорақалпоғистон ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.