Дзюдо: татами тафтини юракдан ҳис этганлар ғолибликка эришади

183

“Катта дубулға» туркумидаги “OTP Group Tashkent Grand Slam” турнирининг иккинчи кунги баҳслари бошланиши олдидан “Юнусобод” спорт мажмуасининг ишқибозлар билан лиқ тўлгани спортчиларга ўзгача руҳий қувват бағишлади.

Ортда қолган илк кунги беллашувларда умумий медаллар сони бўйича Япония етакчилик қилган бўлса, иккинчи поғонада бораётган мамлакатимиз терма жамоасида кунчиқар юрт вакилларига совринли ўринлардан жой олиш пойгасида етиб олиш имконияти бор эди.

Бироқ мусобақанинг эркаклар ўртасидаги -73 ва -81 килограмм вазнида, аёллар ўрасидаги -63 ва -70 кило оғирликдаги саралашлардаги мураккаб баҳслар бунга изн бермади. Юртимизнинг 16 нафар вакили дастлабки саралаш мусобақасида татамига чиққан бўлса-да, уларнинг 8 нафари 3 та вазнда ярим финалга етиб келишга муваффақ бўлди. Аёллар ўрасидаги -63 килода қатнашган 4 нафар дзюдочи қизларимизнинг биронтаси саралашдан ўта олмагани етакчилик пойгасида Япониядан ортда қолишимиз тайин эканлигини кўрсатди.

-73 килограммда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов ва Обидхон Нўъмонов бронза медали учун курашда рўбарў келди. Омад  Аҳадовга кулиб боқди.

-70 килограмм оғирликда Ширинжон Йўлдошева бронза учун кечган баҳсда Хитой Тайпейи вакиласи Ю Жунг Лиаога имкониятни бой бериб қўйди.

Аёллар ўрасидаги -70 кг. вазнда татамига чиққан Хуршида Раззоқбердиева олтин медаль йўлида япониялик Рин Маеда билан беллашиб, кумуш медалга эгалик қилди. Худди шунингдек, -81 килода баҳс олиб борган ҳамюртимиз Арслонбек Тожиев IJF байроғи остида турнирда қатнашаётган Тимур Арбузов билан финалда рўбарў келди ҳамда кумуш медаль билан кифояланди.

Ёш дзюдочимиз Мусо Собиров -81 кг. вазнда БАА шарафини ҳимоя қилаётган Гажимурад Омаровга йўл берган ҳолда кучли бешликдан жой олди.

Иккинчи кунги мусобақалар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 3 та кумуш ва 5 та бронза медали билан миллий терма жамоалар орасида 2-ўринни банд этиб турибди. 1-ўринда бораётган дзюдо ватани вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан етакчиликни давом эттирмоқда.

Бугун, 2 март куни мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат халқаро турнирнинг учинчи кунида эркаклар -90, -100, +100 килограммда, аёллар -78 ва +78 килограммда кечадиган беллашувларда иштирок этади.

Мусобақаларни бевосита спорт майдонида кузатаётган, теле экранлар қаршисида спортчиларимизга ишқибозлик қилаётган минг-минглаб спорт мухлислари айнан сўнгги кунги курашларда ҳамюртларимизнинг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишини интиқлик билан кутмоқда. Бундай бахтни, олтин медаль завқини қайси спортчимиз халқимизга туҳфа этаркан?

Бу, энг аввало, татами тафтини юракдан ҳис этиб беллашувларда қатнашадиган спортчиларимизнинг техник-тактик ҳозирлигига, руҳий мувозанати қанчалик баландлигига боғлиқ, албатта.

Охирги кунги беллашувларда маҳоратли дзюдочимиз, Олимпия ўйинлари совриндори Алишер Юсупов билан бир қаторда истеъдодли ёш спортчиларимиз Нурбек Муртозоев, Рустам Шораҳматов, Эрназар Сарсенбаев Муҳаммадали Тангриев, Исломбек Равшанқулов, Ўткирбек Тўрабоев ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этишига ишонгимиз келади.

Т.Рўзиев, ЎзА