
Аввал хабар берганимиздек, Хитойда U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги ўтказилмоқда. Унда қитъамизнинг 16 мамлакат терма жамоаси мусобақа ғолиблиги ва кузда Чилида ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун ўзаро рақобатлашмоқда.
Куни кеча мазкур мусобақадаги баҳслар старт олди. Аниқроғи, “А” гуруҳидан ўрин олган Австралия – Қирғизистон учрашувида 5:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, Хитой 2:1 ҳисобида Қатар терма жамоасидан устун келди. Ушбу натижалардан сўнг, Австралия ва Хитой 3 очко жамғарган ҳолда голлар нисбатига кўра, 1 ва 2-поғонадан жой олди. Қатар ҳамда Қирғизистон эса 3-4 ўринларда қолди.

“А” гуруҳидаги иккинчи тур ўйинлари 15 февраль куни бўлиб ўтади. Шу куни Қатар – Австралия, Қирғизистон – Хитой U20 терма жамоалари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.

Осиё чемпионатининг, бугун, 13 февраль кунги ўйинлар дастуридан 4 та учрашув ўрин олган. Жумладан, “B” гуруҳида илк турдаги баҳслар Ироқ – КХДР ўйини билан бошланиб, Иордания – Саудия Арабистони учрашуви билан якунланади.
Шунингдек, Фарҳод Нишонов бошчилигидаги Ўзбекистон U20 терма жамоаси “С” гуруҳидаги илк ўйинини Яман термасига қарши ўтказади.

Ўйин соат 14:15 да старт олади. Унда Ўзбекистон U20 терма жамоаси тўлиқ кўк либосда, дарвозабонимиз қора либосда ҳаракатланади, рақиб жамоа эса оқ рангли футбол формасида майдонга тушади. Бу гуруҳдаги иккинчи ўйин Эрон ва Индонезия терма жамоалари ўртасида кечади.

Маълумот ўрнида: U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубогининг олдингиси 2023 йил мамлакатимизда ўтказилган бўлиб, унда футболчиларимиз сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида Ироқ U20 термасини 1:0 ҳисобида таслим этиб, бош совринни қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА