Бугун, 2025 йил 23 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Мажлис жараёнлари Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритилмоқда.
Мажлисда “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”, “Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ҳамда “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.
Шу билан бирга, “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек, сенаторлар жонли ижро санъатини янада ривожлантириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини такомиллаштириш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш ҳамда алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонунларни ҳам кўриб чиқишни режалаштирган.
Бундан ташқари, “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган.

“Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2024 йил 18 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Сенат кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда муҳокама қилинадиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА