Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республика бўйича электр энергияси ва газни тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Қарорда энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларини тежаш ҳамда ҳар бир давлат корхона ва ташкилотида энергия менежерлар штатини жорий этиш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Германия энергетика агентлиги (DENA) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида энергия самарадорлик ва энергия менежерлар тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этиш вазифаси белгиланди.
“DENA” билан ҳамкорликда мазкур институтда Ўзбекистон-Германия ўқув маркази очилди. Ушбу марказда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Жобир Аҳадовнинг таъкидлашича, 2 декабрдан бошлаб ушбу ўқув марказида Германиянинг “DENA”, “RENAC” ва “Eclareon” компаниялари билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказиляпти.
– Мазкур компаниялар томонидан энергия самарадорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича Германия тажрибаси асосида мутахассисларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича тренинглар ташкил этилмоқда. Жумладан, Қайта тикланувчи энергия академияси (RENAC) мутахассислари Франк Шиллиг ва Фоузи Табет томонидан амалиёт дарслари олиб борилмоқда. Машғулотларда мамлакатимиздаги соҳага доир олийгоҳ ва илмий муассасалар мутахассислари иштирок этмоқда, – деди Ж.Аҳадов.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида JICA ҳамкорлигида институт тренерлари учун Япония тажрибасига асосланган машғулотлар ўтказилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА