ФОТОРЕПОРТАЖ

Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шунингдек, шаҳар ва туман Кенгашларига депутатлар сайловида Хужайли тумани марказидаги  515- участка сайлов комиссиясидан жами 1 минг 886 нафар сайловчи овоз бериши кутилмоқда.

Уларнинг 35 нафари сайловда илк маротаба иштирок этаётган ёшлардан иборат. Шунингдек,  47 нафар  ногиронлиги бўлган фуқаро рўйхатга олинган. Шу кунгача  участка сайлов комиссиясига 5 нафар сайловчи ариза билан мурожаат қилиб, муддатдан олдин овоз берди.

“Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўлиб ўтадиган  муҳим сиёсий кампания учун участка сайлов комиссиясида барча шароит яратилган. Сайлов куни кекса ёшли, бетоблиги бўлган ёки бошқа сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчиларнинг хонадонига бориб овоз беришни ташкил этиш учун махсус кўчма сайлов қутилари келтирилган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА