АҚШ бизнеси Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган бозорига тобора чуқурроқ киришга интилмоқда. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати берган маълумотга асосланиб, “Тренд” нашри хабар берди.

Американинг етакчи тижорат компаниялари вакиллари мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш юзасидан кўп бор савдо бўлимига мурожаат қилган: мақсад ривожланаётган бозорга маблағ киритиш ва манфаатли ҳамкорликка эришиш.

Хабарномада матбуот котибининг қуйидаги сўзлари иқтибос сифатида келтирилган:

– Товарларимизни олиб кириш текшириш ва сертификатлашни талаб қилади. Бу жараённи тезлаштириш қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини маҳаллий истеъмолчиларга етказишда ёрдам беради. АҚШдан технология, саноат ускунаси ва ишлаб чиқарилган маҳсулот етказиб берувчилар давлат хариди имкониятидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан ишлашга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Биз ислоҳотлар дастурини амалга ошириш, жумладан иқтисодий масалада ҳам ёрдам беришга тайёрмиз. Кейинги йилларда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатда сармоявий муҳит сезиларли даражада яхшиланди. Навбатдаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя ва техникавий тажриба олиб кириши мумкин. Умуман, биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳукуматлари томонидан ғарбга – Европага нисбатан минтақавий алоқани қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кўп томонлама саъй-ҳаракатни олқишлаймиз ва рағбатлантирамиз. Бу жараён янада хавфсиз, барқарор ва фаровон минтақа яратишга ёрдам беради.

АҚШ компаниялари Ўзбекистон инфратузилмасига инвестиция киритиш имкониятини ҳам фаол ўрганмоқда. Таҳлиллар ўзини оқласа, стратегик лойиҳаларга қўл урилиши билдирилган:

– Глобал инфратузилма бўйича ҳамкорлик орқали АҚШ ҳозир Транс Каспий халқаро йўналишидаги стратегик ғояларни ҳаётга татбиқ этиш режасини тузмоқда. Айни йўналишда лойиҳаларга техник ёрдам кўрсатиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва молиялаштиришга ҳисса қўшадиган инфратузилма инвестициялари йўналтириладиган соҳалар аниқланмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА