Жорий йилнинг 14 август куни “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) фаолиятини амалга оширувчи факторинг ташкилотлари ташкил қилинади.

Факторинг ташкилоти фаолияти нобанк кредит ташкилоти сифатида реестрга киритиш воситасида Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтгандан кейин амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан:

қуйидагиларга рухсат этилади:

— мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга;

— кредит ташкилотларига факторинг шартномалари бўйича сотиб олинган пул талабномаларини қайта сотишга (рефакторинг);

пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинади;

пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномалар гаров реестрида рўйхатга олинади;

қарздорнинг розилигисиз пул мажбуриятининг валютаси ва тўлов амалга ошириладиган мамлакат ўзгартирилиши мумкин эмас.

Факторинг хизматлари электрон платформаси (Факторинг платформаси) жорий қилинади.

ЎзА