Олий суд пленумининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Унда айрим фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро ва туман (шаҳар) ҳамда туманлараро маъмурий ва иқтисодий судларга илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов судьялар сони янги аъзолар билан тўлдирилаётгани судьяларнинг иш юкламаси мақбуллашувига, ўз навбатида, одил судловнинг самарадорлиги ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ортишига олиб келишини қайд этди.

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2024 йил 6 ва 7 августдаги қарорларига мувофиқ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган судьяларнинг қасамёди эшитилди.

– Қабул қилган қасамёдингиз мазмун-моҳиятини тўла англаб етиб, унга содиқ бўлишингизга, олдингизга қўйилаётган юксак талабга фаолиятингиз давомида қатъий амал қилишингизга, билдирилган юксак ишончни тўлиқ оқлашингизга ишонамиз, – деди Б.Исломов. – Одил судловни таъминлашда сидқидилдан меҳнат қилиб, адолат қарор топган, фуқаролар ҳуқуқларининг суд ҳимояси кафолатланган Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўз ҳиссангизни қўшиб, Ватанимиз ва халқимиз олдидаги фарзандлик бурчингизни виждонан адо этасиз. Билингки, қонунлар фақатгина қоидалар ва моддалардан иборат эмас, қонунлар – одамлар, уларнинг ҳаёти, умидлари ва орзулари ифодаси ҳисобланади. Шу сабабли, ишингизда ва фаолиятингизда инсонийлик муҳимлигини ҳеч қачон унутмаслигингиз лозим. Қонунлар эса қўлингиздаги адолат қуроли бўлиши керак. Президентимизнинг: «Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида эса поклик бўлмоғи лозим», деган ҳикматли сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқарманг.

Тадбирда иштирок этган судьяларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам яхши тилакларни билдирди.

Қасамёд қабул қилган 53 нафар янги судьяга судьялик гувоҳномалари топширилди.

Н.Абдураимова, ЎзА