Маданият вазирлигида 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, уларнинг натижалари ва иккинчи ярим йилликдаги устувор вазифалар юзасидан ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда маданият вазири Озодбек Назарбеков Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маданият ва санъат соҳасини ислоҳ қилиш, уни янада ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу борада давлатимиз раҳбари бошчилигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилгани, уларнинг ижроси юзасидан ҳозирда тизимли амалий ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган қатор вазифалар ва ушбу топшириқлар ижроси юзасидан 2024 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, уларнинг натижалари ва II ярим йилликда вазирлик олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Aвазхон Тожихонов театр, цирк, таълим муассасалари ва маданият марказлари томонидан амалга оширилган ишлар, уларнинг натижадорлиги ҳамда келгусидаги режалар тўғрисида нутқ сўзлаб, масалалар танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар тўғрисидаги масалалар юзасидан ҳудудларда ижро интизоми ва иш юритиш бўйича сусткашликка йўл қўйилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Ҳайъат йиғилиши давомида маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш, ҳамда “Яшил макон” лойиҳасини амалга ошириш бўйича олиб борилган ишлар ва келгусидаги режалар тўғрисида батафсил тўхталиб, ушбу мавзуни танқидий муҳокама қилди.

Шунингдек, вазирлик марказий аппаратининг бўлинма раҳбарлари ҳам ҳайъат йиғилишида ўз йўналишлари бўйича муаммо ва таклифлари юзасидан атрофлича фикр билдирдилар.

Камчиликларга йўл қўйган, берилган топшириқлар ижросини вақтида таъминламагани ҳамда иш самарадорлиги пастлиги учун бир қатор тизим ташкилотлари раҳбарларига огоҳлантириш ва интизомий чоралар кўриш бўйича қарор қабул қилинди.

Йиғилиш якунида Маданият вазирлигининг иккинчи ярим йиллик иш режаси кўриб чиқилиб, ҳар бир раҳбар масъулиятни чуқур ҳис қилиб, натижа кўрсатиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Н.Усмонова,

ЎзА