“Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловига номзодларни саралаш учун 2-босқич тест синовлари бўлиб ўтди.

Унда хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш мақсадида ҳужжат топширган тест босқичига тавсия қилинган талабгорлар иштирок этди.

Тест синовида талабгорларга 30 та тест топшириғи (таҳлилий фикрлаш – 15 та, IQ ёки илмий тадқиқот компетенцияси – 15 та) ва уларни ишлаш учун 60 дақиқа вақт берилди.

Тест синови махсус ишлаб чиқилган дастур орқали электрон шаклда ўтказилди ва талабгорлар тест синови якунланиши билан ўз натижаларини билиш имкониятига эга бўлди.

Тест синовлари бўйича Танлов комиссиясининг қарорига кўра, суҳбат босқичига тавсия этилган номзодлар рўйхати эълон қилинади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Эл-юрт умиди” жамғармасига ўтган 2023 йилда давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилган ва хорижда таълим олишлари учун 965 нафар талабанинг харажатлари қопланган бўлса, 2024 йилда Жамғармага 550 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Танловдан ўтган стипендиатларга Жамғарма стипендиялари хорижий таълим ва илмий муассасаларда ўқиш қийматининг тўлови, виза олиш харажатлари, барча турдаги транспорт воситалари билан ўқиш жойига қадар йўлкира харажатлари (йилда бир мартадан ортиқ бўлмаган), борган мамлакатдаги ўқиш даврида яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари, зарур ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар харид қилиш ҳамда хорижда ўқиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш каби  харажатларини қоплаш учун ажратилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА