Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг “Chengdu Environment Investment Group” давлат корхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция киритилиши мумкин бўлган соҳалар ҳамда инвесторларга тақдим этиладиган умумий преференциялар ҳақида маълумот берилди.

Хитой компанияси бош директори Чен Шиен Ўзбекистонда амалга оширилиши кутилаётган истиқболли режалар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, чиқинди ташиш учун мўлжалланган полигонлар билан бир қаторда, оқова сув тозалаш иншоотлари фаолиятига ҳам қизиқиш билдирилди.

Бундан ташқари, меҳмонлар вазирлик ҳузуридаги Ситуацион марказ, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш Республика маркази, чиқиндиларни бошқариш полигон дирекцияси фаолияти билан танишди.

Ташриф якунида “Chengdu Environment Investment Group” давлат корхонаси таркибидаги “Chengdu Xingrong Renewable Energy Co., Ltd” ва “Chengdu Shiny Technology Co., Ltd” компаниялари билан Ўзбекистонда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА