Мустақиллик йилларида барча соҳалар каби давлат тилида иш юритиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
1989 йил 21 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун билан Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Президентимиз ташаббуси билан 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами сифатида белгиланди. Ўзбек тили Ўзбекистон деган ўтмиши ва келажаги буюк мамлакатнинг давлат тилидир. Шундай экан давлат тили ҳам ҳар бир давлатнинг рамзи саналади.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ олий минбарида давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлагани ёки Ўзбекистон делегацияларининг хорижий давлатларга ташрифлари, спортчиларимизнинг эришган муносиб ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз янграши ҳар биримизни ғурурлантирмасдан қўймайди. Бу ўз навбатида барчамизга она тилимизни қай даражада ардоқлашимиз ва ҳурмат қилишимиз кераклигини, она тилимиз умрбоқий, маънавий-маърифий юксалишнинг дадил қадами эканини билдиради.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, давлат тилида иш юритиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш алоҳида эътиборга олинган ҳамда бу борада бир қатор тегишли ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги фармони билан 2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва унинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Кадастр агентлиги томонидан давлат тилида иш юритиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. “Кадастр агентлиги, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Кадастр агентлигининг буйруғи қабул қилиниб, ушбу буйруққа асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб барча турдаги иш юритиш ҳужжатлари, шу жумладан ишлаб чиқиладиган ва қабул қилинадиган ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, ички ва ташқи ахборот матнлари ҳамда барча турдаги иш юритиш ҳужжатлари ва бланклари ҳамда қонунчилик ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилди.
– Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда тизим ташкилотларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича алоҳида масъул ходимлар белгиланди, – дейди Кадастр агентлиги директори маслаҳатчиси Зарнигор Рустамова. – Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилида иш юритиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш дастурлари доирасида Кадастр агентлиги марказий аппарати ва тизим ташкилот ходимлари учун тақдимот материаллари тайёрланиб, график асосида ўқув-семинарлар ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда Давлат тилида иш юритиш асослари бўйича Кадастр агентлиги ва тизим ташкилотларидан 500 нафар ходим малака ошириб, Давлат тилида иш юритиш асослари бўйича сертификатга эга бўлди.
Бундан ташқари, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ахборотлар лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида юритилмоқда. Кадастр агентлигининг тизим ташкилотлари барча расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида ахборотлар тўлиқ ёритиб борилмоқда.
Давлат тилида иш юритиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар биримизни “Инсон қадри учун” тамойили асосида янада масъулият билан фаолият юритишимизга ундайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА