Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Соҳага оид қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов маъруза қилди.

–Мазкур қонун лойиҳаси билан экологик экспертиза фаолиятида қўлланиладиган янги йўналиш – экологик нормативлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан, стратегик режалаштириш лойиҳаларини стратегик экологик баҳолашдан ўтказиш масалалари аниқ белгиланмоқда. Шу билан бирга, давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиби, давлат экологик экспертиза объектлари бўйича тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизаси учун тақдим этиш, давлат ва жамоат экологик экспертизасини ўтказишда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, жамоатчилик экологик экспертизасини ҳамда жамоатчилик эшитувини ўтказиш тартибини белгилаш бўйича алоҳида нормаларни киритиш таклиф этилмоқда. Давлат объектларини экологик экспертизадан ўтказишда Экспертлар кенгаши тузилади. Экспертиза муддатлари белгиланмоқда,  – деди вазир.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида қонунчилик ҳужжатлари ўртасидаги тафовутлар бартараф этилиб, экологик экспертиза хулосасини бериш тартиб-таомилларини самарали ва тўғридан-тўғри тартибга солувчи нормалар амалиётга киритилади. Энг муҳими, халқаро талабларни жорий этиш ҳисобига хорижий инвестор ва тадбиркорлар учун ишончли ва тушунарли экологик баҳолаш тизими таъминланади.

Мажлисда қонун лойиҳаси бўйича депутатларнинг саволларига жавоблар қайтарилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА