Айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) миссияси вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари билан учрашди.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида бўлиб ўтган учрашув давомида  икки томонлама алоқаларни ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди. Меҳмонларнинг филиал профессор-ўқитувчилари ва илмий бўлим ходимлари билан мулоқоти давомида асосан Қорақалпоғистон Республикасидаги чорвачилик тармоқлари билан яқиндан танишиш, ветеринария соҳаси бўйича ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда янги ғояларни илгари суриш масалаларида фойдали таклифлар билдирилиб, муҳим масалалар бўйича фикр алмашилди.

Ташриф доирасида меҳмонлар филиалда талабалар учун яратилган шароитлар, ўқув хоналари, виварий ва ўқув-лабораториялари билан яқиндан танишди. Уларга филиалдаги ўқув жараёни, лаборатория хоналарининг жиҳозланиши юзасидан зарур маълумотлар берилди.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) миссияси вакилларининг мамлакатимизга ташрифи август ойига қадар давом этиши режалаштирилган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири