Ҳужжатнинг имзоланиши СМТИ ва СТМИ ўртасидаги самарали ҳамкорликка қўшимча туртки бериши, экспертлар мулоқотининг янада изчил ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.

18 июль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти (СТМИ) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ҳужжат СМТИ директори Элдор Арипов ва СТМИ директори Санжар Муканбетов томонидан имзоланди.

Икки мамлакат таҳлил марказлари ўртасида ўзаро ташрифлар ва мунтазам ишчи алоқаларни давом эттириш, форумлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, нашрлар ва тадқиқот маълумотлари билан ўзаро алмашиш Меморандумда назарда тутилган ҳамкорликнинг асосий йўналишларидир.

Ҳужжатнинг имзоланиши СМТИ ва СТМИ ўртасидаги самарали ҳамкорликка қўшимча туртки бериши, экспертлар мулоқотининг янада изчил ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти жорий йилнинг апрель ойида Стратегик тадқиқотлар институти ва Иқтисодий сиёсат тадқиқотлари институтини бирлаштириш йўли билан ташкил этилган.

ЎзА