Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича семинар ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари бўйича қўмита раиси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари котибиятлари мудирлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларнинг котибиятлари мудирлари иштирок этди.

Тадбирда «Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар айтиб ўтилди.

Жумладан, кўрик-танловни ўтказиш муддатларига киритилган ўзгаришлар, туман (шаҳар) ва вилоят босқичларини ўтказиш учун 9 нафардан иборат таркибда комиссия ўтказиши, шунингдек, ҳар бир босқич ғолиблари овоз бериш йўли билан аниқланиши каби янгиликлар таъкидланди.

Шунингдек, маҳаллий кенгаш котибият мудирларига кўрик-танловнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларини жорий йил август-сентябрь ойларида юқори савияда ўтказиш, ҳар бир босқич ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилиш юзасидан тавсиялар берилди.

Семинар якунида иштирокчилар республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Ҳар бир ҳудудда «Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танлови бошлангани ҳақида маҳаллий кенгашлар томонидан жамоатчиликни хабардор қилишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА