Қорақалпоғистон Республикаси прокурори фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилди. Унда 2017 йил 13 мартда “Nukus temir beron buyimlari zavodi” масъулияти чекланган жамиятида ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтда бахтсиз ҳодиса сабабли жароҳат олган Нукус шаҳри “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Досановга ҳар ойда компенсация пулини тўлаб бериш сўралган.
Суд томонидан ушбу даъво ариза қаноатлантирилиб, жорий йилнинг 16 апрель куни “Nukus temir beron buyimlari zavodi” масъулияти чекланган жамиятидан жабрланувчи Р.Досановнинг фойдасига 49 миллион 111 минг 106 сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор бўйича чиқарилган суднинг ижро варақаси Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувига жорий йилнинг 25 май куни келиб тушиб, бўлим давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздор жамиятнинг асосий банк ҳисоб рақамлари, шунингдек, қарздорга тегишли бўлган жами 12 та автотранспорт воситасига тақиқ қўйилган. Натижада қарздорнинг банк ҳисоб рақамидан ундирилиши лозим бўлган қарздорлик жорий йилнинг 28 июнь куни тўлиқ ундирилди. Шундай қилиб, 7 йил аввал ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида бахтсиз ҳодиса орқали жароҳат олган Р.Досановга 49 миллион 111 минг 106 сўм компенсация пули тўлаб берилди ва суд қарорининг ижроси таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири