Бугунги кунда энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. 2023 йилги натижаларга кўра, ЯИМга сарф этилган энергия бўйича Ўзбекистон дунёда 11-ўринни эгаллаган. Биздан олдинги ўринларда эса Саудия Арабистони, Россия каби нефть ва энергия ресурсларига бой бўлган мамлакатлар туради.
Қайд этиш лозимки, энергия тежалса, маҳсулотлар таннархи тушади ва инвестициялар оқими ошади.
Эндиликда энергия сервис компаниялари фаолияти мустаҳкамланмоқда, қонунчилигимизга энергия менежменти, энергия аудити каби янги тушунчалар киритилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасида энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишнинг асосий тамойиллари ҳамда мақсадлари белгиланмоқда.
– Ушбу қонун лойиҳасида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли орган ҳамда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини назорат этувчи ташкилотларнинг ваколатлари аниқ қилиб белгиланмоқда, – деди депутат Жаҳонгир Абдурасулов. – Қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ҳамда иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида, халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий нормалар киритилмоқда.
Лойиҳа энергия ресурслари харажатларини янада мақбуллаштириш, истеъмол самарадорлигини таъминлаш, бу борада давлат назоратини кучайтиришга, маъмурий жарималар ва иқтисодий санкцияларни қўллаш тартибини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда моддама-модда муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА