“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилади

2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилиши белгиланди.
Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилади. Жамғарманинг маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирлар молиялаштирилади.
Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:
ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;
Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;
тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;
ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;
давлат-хусусий шериклик шартларида:
ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси
ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларини;
савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш.