АҚШнинг Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредерик Старр бошчилигидаги экспертлар 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-17 май кунлари АҚШга илк расмий ташрифи ва Президент Дональд Трамп билан музокаралари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда тарихий аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Ф.Старр 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясида лойиҳаси Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясининг бир овоздан қабул қилинишини юқори баҳолади.
Учрашувда Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати, ҳамкорликнинг устувор ва долзарб масалалари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Фредерик Старр Ўрта асрлар Шарқ мутафаккирларининг тарихий мероси, Марказий Осиёнинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти ҳақида чуқур билимга эга. Унинг тадқиқотларида мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларга холис баҳо берилади. Президентимизнинг АҚШга тарихий ташрифи арафасида нашр этилган Ф.Старр ҳамда С.Корнелл муҳаррирлиги остидаги «Ўзбекистоннинг янги қиёфаси» номли китоб ана шундай тадқиқотлардан.
Шу куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси доирасида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда АҚШ делегацияси аъзолари, дипломатик корпус, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, тадқиқот институтлари ва марказлари мутасаддилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Халқаро муносабатлар ва ахборот-таҳлил маркази директори Э.Арипов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Ш.Абдуллаев ва бошқалар сўнгги икки йилда мамлакатимиз эришаётган тараққиёт, иқтисодий юксалиш, ижтимоий соҳа ривожи ҳақидаги фикрлар ушбу китобда ўз аксини топганини таъкидлади.
Мамлакатимиз ҳаётида 2017 йил улкан ўзгариш ва воқеаларга бой бўлди. Асар юзлаб ҳуқуқий ҳужжатлар, Президент фармон ва қарорларини ўрганиш маҳсули сифатида пайдо бўлди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий соҳалар, халқаро муносабатларда амалга оширилаётган улкан ижобий ўзгаришлар, воқеалар холис таҳлил қилинади. Кечаётган фаол ўзгариш ва тадрижий ривожланишдаги юқори иштиёқ ҳақида мулоҳаза юритилади.
Асарда Ўзбекистоннинг ўтган йиллар давомида ташқи сиёсатидаги устувор тамойил – Марказий Осиё хавфсизлиги тушунчаси давлатимиз раҳбари бошчилигида минтақавий ривожланиш ва барқарор тараққиёт мезонлари билан бойитилди. Бу, ўз навбатида, иқтисобий юксалиш, Афғонистонда тинчликка эришиш йўлидаги эзгу интилишлар ва минтақа давлатларининг интеграциялашувини янада фаоллаштирмоқда.
Халқаро пресс-клуб сессиясида Ф.Старр бошчилик муаллифлар жамоасининг изланиш ва тадқиқотлари натижасида бугун Ғарб олами Марказий Осиёда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлаётгани қайд этилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси медиа марказида бўлиб, тузилма фаолияти билан ҳам танишди.
Мазкур ташкилот фаолиятини нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш асосида ташкил этиб келмоқда. Тузилма бугунги кунда юзга яқин нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини бирлаштирган. Юртимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари қаторида кенг кўламли демократик ислоҳотлар, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти” қуриш йўлидаги иштирокини ёритишда фаол қатнашиб келмоқда.
Учрашувда хорижлик экспертларга нодавлат телерадиоузатувчиларнинг ривожланиш дастурлари, амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳақида сўзлаб берилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА