АҚШнинг Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредерик Старр бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида америкалик таниқли олим Фредерик Старрнинг ўзбек тилига таржима қилинган «Унутилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан то Амир Темур давригача бўлган олтин асри» номли китоби тақдимоти ўтказилди. Унда академиклар, олимлар, АҚШ, Япония ва Швециядаги йирик тадқиқот институтлари илмий доиралари вакиллари қатнашди.
Фредерик Старр Марказий Осиё, Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича мутахассис сифатида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан яхши хабардор. Таниқли эксперт Евроосиё минтақаси давлатлари сиёсати ҳамда тарихига оид 20 дан ортиқ китоб муаллифи ҳамдир. У ўзининг Ўрта асрларда яшаб ижод қилган алломаларимиз ҳақидаги изланишлари, оммабоп мақола ва рисолалари билан Ғарб жамоатчилиги орасида кенг танилган.
Фредерик Старрнинг «Унутилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан то Амир Темур давригача бўлган олтин асри» китобида мамлакатимиз тарихи, маданияти, илм-фан ривожи ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур китоб 2014 йили Ҳиндистонда инглиз тилида чоп этилган. Ўтган вақт мобайнида йигирмадан ортиқ тилларга таржима қилинди ва 2018 йилда ўзбек тилида нашрдан чиқди. Ушбу фундаментал тадқиқотлар маҳсули 15 бобдан иборат бўлиб, унда Марказий Осиёнинг араблар томонидан истило қилиниши, шу даврда Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларидаги маданий юксалиш, Бағдод, Гурганч, Самарқанд шаҳарларининг маданий марказлари, мўғуллар босқини, Амир Темур ва темурийлар даври жонли, равон тилда баён қилинган.
Тақдимотда китобнинг Марказий Осиёдан етишиб чиққан қомусий олимларнинг дунё илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини очиб беришдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу куни меҳмонлар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам бўлиб, ушбу олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ўтказди, «Марказий Осиёнинг ҳудудий ривожланиш босқичлари ва АҚШ билан муносабатлар» мавзуида маъруза тингланди.
Шунингдек, делегация аъзолари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ташкил этилган бир қатор музокараларда иштирок этди. Тошкентнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА