Туркиянинг Анталия шаҳрида мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат «Катта Дубулға» турнири поёнига етди.

19 нафар дзюдочи билан мазкур турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси якунда битта бронза медали билан кифояланди.

-73 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг очкоси билан бирга бронза медалини қўлга киритди.

Ярим финал остонасигача етиб борган терма жамоамиз аъзоларидан Сита Қадамбоева, Давлат Бобонов ва Шоҳруҳхон Бахтиёров 5-ўринни, Дилшодбек Баратов 7-ўринни  эгаллади.

Уч кунлик баҳслар сарҳисобига кўра, Япония терма жамоаси 5 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан умум жамоада 1-ўринни,  3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритган Франция вакиллари кейинги поғонани, 1 та олтин ва 2 та бронза медалига эгалик қилган канадаликлар 3-ўринни банд этган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси 93 давлат орасида 18-ўриндан жой олди.

Энди дунё дзюдосининг етакчилари жорий йилнинг 3-5 май кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтказиладиган нуфузли турнирда Париж-2024 Олимпиадаси рейтинг очколари қаторида совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА