Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Aбдулла Aрипов Россия элчихонасига ташриф буюриб, элчи Олег Малгинов орқали Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да юз берган террор ҳаракати муносабати билан бутун Россия халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари матбуот хизмати хабар берган.

Бош вазир ҳамдардлик китобига ёзув қолдирди.

Aввалроқ Aрипов мазкур теракт оқибатида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар борлиги муносабати билан РФ Бош вазири Михаил Мишустинга ҳамдардлик билдирган эди.

Россияда 24 март терактда ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди. Шу куни Ўзбекистондаги РФ элчихонасида Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, фавқулодда вазиятлар вазири Aбдулла Қўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ва бошқа расмий шахслар ҳам бўлдилар.

ЎзА