БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси “Тенг келажак” онлайн-платформаси ишга туширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган онлайн видеоконференцияда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Онлайн мулоқотда БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ Минтақавий бюроси директори Ивана Живкович, шунингдек, Тараққиёт дастури бўлимлари раҳбарлари, мутахассислари, илмий-экспертлик доира вакиллари иштирок этди.
Мазкур платформа 2020 йилда БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул минтақавий маркази томонидан Европа ва Марказий Осиёдаги 19 мамлакат парламентлари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларига гендер тенглик соҳасида ахборот ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишга туширилган. Платформа аёлларнинг давлат бошқарувидаги иштироки бўйича онлайн билим маркази ҳисобланади.
Сенат Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Т.Норбоева бу галги учрашув барча мамлакатлар учун ниҳоятда долзарб эканини, боиси гендер сиёсати жамият ва давлат тараққиётининг муҳим омили эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонда бу борада хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларига фаол жалб этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, шунингдек, гендер тенглик масалаларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мамлакатимизнинг халқаро ташаббусларига тўхталиб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари мазкур онлайн-платформа гендер тенглик масалаларини ҳал қилиш учун турли муҳокамалар ташкил этиш, тренинг ва турли тадбирларни биргаликда ўтказиш, Европа ва Марказий Осиё минтақаларида гендер тенглик соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Н.Абдураимова,
ЎзА