ЮНЕСКО бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ўринбосари Габриэла Рамос Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши якунлари, шунингдек, Ўзбекистон ва ушбу ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда истиқболлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этди.

– Агар ўтган йил давомида эришилган муваффақиятлар ҳақида гапирадиган бўлсак, 2023 йил ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш нуқтаи назаридан бой ва самарали бўлди.

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг жуда муҳим аъзоси, чунки сиз ва мен маданият, таълим ва илм-фан соҳаларида биргаликда тарғиб қиладиган қадриятларга эгамиз.

Масалан, ЮНЕСКО қароргоҳида бу йил буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини тантанали равишда нишонладик. Сунъий интеллект соҳасида ахлоқни тарғиб қилиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этиш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Чунки бу Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

2021 йилда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишга туширган «Хива жараёни» платформаси доирасида биз Марказий Осиёда сунъий интеллект соҳасида ахлоқий тавсияларни илгари суриш бўйича фаол иш олиб бораяпмиз.

Ўзбекистон эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим, шунингдек, маданий соҳадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшишда давом этмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистондан бир қанча янги объектлар ва элементлар Умумжаҳон мероси ва Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, юртингиз тарихига оид бир қатор архив ва китоб фондлари эса «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилди.

Асосий ютуқ, албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташаббуси ЮНЕСКО томонидан маъқуллангани бўлди. Бунинг шарофати билан барчамиз 2025 йилда Самарқандга Бош конференциянинг 43-сессиясида иштирок этиш учун ташриф буюришга умид қиламиз. Биз буни интиқлик билан кутаяпмиз. Чунки, ЮНЕСКОнинг узоқ вақтдан бери асосий тадбири биринчи марта штаб-квартирадан ташқарида бўлиб ўтади. 2000 йилдан буён Умумжаҳон маданий мероси объекти бўлган Самарқанд гўзаллигидан баҳраманд бўлиш имконияти учун миннатдорлик билдираман.

Шу билан бирга, ушбу босқич Ўзбекистон ЮНЕСКО учун нақадар муҳим эканини яна бир бор таъкидлаш жоиз. Ажойиб мамлакатингиз доимо ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик чорраҳаси бўлиб хизмат қилиб келган, шунингдек, ташкилот мандатини илгари суришда бебаҳо ёрдам кўрсатмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини кириб келаётган Янги йил билан ЮНЕСКО номидан самимий табриклайман ва 2024 йил учун энг эзгу тилакларини билдираман.

ЎзА