Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги «Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5215-сон Фармонига а) 4-банднинг «товар номи» устунидаги «буюмлар» сўзи «буюмлар*» сўзи билан алмаштирилади; б) қуйидаги мазмундаги изоҳ билан тўлдирилади: «*) аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан қимматбаҳо металларни ҳамда таркибида қимматбаҳо металлар мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда ҳамда божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлар мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларини Узбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда лицензия талаб этилмайди».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5721-сон Фармони 1-бандининг олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда ўзгарди: «жисмоний шахсларга қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади».
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-банди қуйидаги мазмундан иккинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«Бунда, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда маълумотларни ТСОЯЭАТга киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат берилади».
ЎзА