Шу кунларда мамлакатимиз ва халқаро миқёсда буюк олим бобокалонимиз Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда аллома бобомизнинг таваллуд санаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида катта тантана билан нишонланди.
Айни кунларда мазкур йирик илмий лойиҳа қатнашчилари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган «Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Ушбу конференцияда қатнашиш учун дунёнинг кўплаб давлатларидан олимлар иштирок этмоқда.

Бугун мазкур конференция иштирокчилари пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида бўлди.
Бу ерда хорижлик ва юртимиз илмий жамоатчилиги шонли тарихимиз, янгиланаётган Ўзбекистонимиз, шиддатли ва ортга қайтмас тараққиётимиз рамзи бўлмиш Мустақиллик монументи пойига гуллар қўйди.
Ушбу муаззам, файзли мажмуа тимсолида жонажон Ўзбекистонимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларга яна бир карра гувоҳ бўлишди.
— Беруний ўзининг эркин фикрлаши, холис ёндашувлари, самимийлиги, реалистик ва танқидий қарашлари, энг муҳими услубий ва тизимли тафаккури билан барча замонларнинг энг илғор илмий мезон ва менталитетига амал қилган сиймодир, — деди туркиялик олим Мустафо Демиржи. — Берунийнинг бундай танқидий ва изланувчан олим бўлишида ислом жамияти ва маданиятининг ҳам катта таъсири бор эди. Энг аҳамиятлиси шундаки, у ўзи севган араб тили орқали бутун дунё илмларига эриша олди.

Меҳмонлар шунингдек, Фанлар академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, «Адиблар хиёбони», «Талабалар шаҳарчаси», Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, «Ҳазрати Имом» мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи каби масканларга ҳам ташриф буюрадилар.
«Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни» мавзусидаги халқаро конференция 28 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтади.
Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев (суратлар), ЎзА