1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Кўпдан қарзим бор. Уни узолмайман, узиб бўлмайди. Ўзи улар қандай инсонлара?! Берганини ҳеч миннат қилмайди.
Ишинг юришса, омадинг келаверса сендан ҳам кўпроқ суюнади. Ажабо!
Аэропортда, тиғиз пайтда улардан бирини – университетдаги чет тили ўқитувчимни кўриб қолдим. Кўриша олмадим, узоқроқдан устоз дея олдим холос.
Шу кунларда мактабда, университетда, ишда сабоқ берган ва бераётган устозларни ёдга солувчи мана шундай воқеаларга кўп дуч бўляпман. Ёқимли ҳис.
Гамбургдан Ҳамбурггача
Фотограф ҳамкасбларимдан бири хизмат сафари билан Германияга бориб келди. Таассуротлари билан ўртоқлашди. Олган суратларини кўрсатди – ажойиб.
Ҳозир суратлар ҳақида ҳам, Европа шаҳарлари ҳақида ҳам ёзмоқчи эмасман. Гап университетда таржима санъатидан сабоқ берган устозимнинг бир эслатмаси ҳақида.
Профессор Шавкат Каримов катта-катта луғатлар, тилшуносликка оид кўплаб китоблар муаллифи эди.
– Гейнрих Гейне, Герман Гессе, Гамбург деб талаффуз қилсак она тилимиз имкониятларидан фойдаланмаётган бўламиз, – дерди устоз. – Чет эл адабиётини билвосита эмас бевосита ўрганяпмиз. Бунинг натижаси бўлиши керак, ахир. Биз “ҳ” дея оламиз, шу товуш бор бизда. Бу имкониятдан нега фойдаланмаслигимиз керак? Бу сўзлар бошқалар орқали бизга шу тарзда кириб келган.
Ҳайнрих Ҳайне, Ҳерманн Ҳессе, Ҳамбург… бу сўзларни ёзаяпману устознинг бошқа сабоқлари ҳам ёдга тушиб кетяпти.
Бу воқеани нега эсладим? Фотомухбир ўшанда тарихий шаҳарлардан бири Ҳамбургдан фоторепортаж тайёрлаган эди.
Ўқиш ва уқиш
Мени нима жин урди, билмайман. Устоз Абдусаид Кўчимовнинг олдин қўл телефонига, кейин қабулхонасига қўнғироқ қилиб юбордим.
Одатда имкони борича раҳбарни безовта қилмайман. Гарчи ҳамиша очиқ юз билан қабул қилган бўлсалар ҳам.
Ҳайрият… Телефонда боғлана олмадим.
Гаплашганимда нима ҳам дер эдим? “Оролга қайтмоқда эрка чорлоқлар”ингизни ўқидим, зўр чиқибди дермидим. Ўзи шогирднинг устозга бундай дейиши тўғри бўладими, йўқми?..
Бошқа томондан қараб кўраман. Нима қилай, шу мақола менга жуда ёқди. Яна ундан журналистикага доир кўп нарса уқдим. Хуллас, фикримни билдиргим келди.
Раҳбарини мақтаяпти деб ўйламанг. Сиз ҳам шу материални бир ўқиб кўринг.
“Саҳна орти”даги йўлчироқлар
ЎзАга ишга келганимга етти йил бўлди. Абдужалол Тайпатовни шундан буён яхши биламан деб ўйлайман. Унгача бу инсонни мақолалари орқали танирдим.
У кўп ҳам ўзини кўрсатавермайди – “саҳна орти”да ишлайди. “Саҳна орти”нинг юмуши эса осон эмас. Ижодий жамоамизда меҳнати бошқаларга кўринмайдиган, ёшларни қўллаб-қувватлайдиган устозлар жуда кўп.
Ёш журналистларимиз имзоси туширилган пишиққина мақолалар шу устозларнинг “элаги”дан ўтади. ЎзАда эълон қилинаётган таҳлилий-танқидий мавзудаги мақолаларга ўша йўлчироқларнинг қалами теккан.
Айтмоқчи, яқинда устоз Тайпатовнинг “Ўғил” деб номланган китобини ўқиб тугатдим. Китобдаги ҳикоя, очерк ва публицистик мақолалар самимий, содда, тагдор, тасвирлари жонли. Ҳажман кичик ҳикояларга катта-катта ғоя ва маъноларни юклай олган устоз қаламига яна бир бор ҳавас қилдим.
Ёш қаламкаш ука-сингилларга бу китобни, албатта, ўқишларини тавсия қиламан.
Натижада…
“Афсус, хонадонга ўт кетиши натижасида уч киши жиддий тан жароҳати олди. Эллик миллион сўмлик моддий зарар кўрилди…”
Ишхонада шу хабар учун қаттиқ гап эшитган эдим.
Устоз Қурбон Эшматов (охиратлари обод бўлсин) билан қишлоқ хўжалиги журналида бирга ишлаган, у кишининг дарсини олган шогирдлардан бири бўлганимни ҳамиша мақтаниб айтиб юраман. Бугун устоз орамизда йўқ, лекин уларнинг ўгитлари шогирдларга ҳамиша йўлчироқ.
Кечагидай эсимда.
…Эй, бола! “Натижа” нима дегани эканини биласанми? – устоз столдаги қоғоз-ручкани секин четга суради. Пиёладаги совиб қолган чойни бир ҳўплаб олади. – Уч киши майиб бўлса, ҳамма нарса куйиб кетса… натижа бўладими? Шу жойига, ҳақинг кетса ҳам, “оқибатда” дегин. Жуда бўлмаса “туфайли ёки сабабли” деб кет…
Бу гапга ҳам ўн йилча бўлди.
Давоми бор…
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА