ЎзА мухбири Ўзбекистонда давом этаётган сайлов жараёнини бевосита кузатаётган Беларусь Республикаси Миллий Ассамблеяси кенгашининг xaлқaрo ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий қўмитаси раиси Сергей Рачков билан суҳбатлашди.
– Сайловга юқори даражада тайёргарлик кўрилган. Бу табиий ҳол, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда профессионал Марказий сайлов комиссияси шаклланган.
Ўзбекистонда сайлов ўтказишдан олдин бу тадбирга доим яхши тайёргарлик кўрилади. Хабарим бор, сайлов комиссияси аъзолари, сайлов участкалари ходимлари махсус ўқитилади. Бу сафар Президент сайлови муддатидан олдин ўтказилаётган бўлса ҳам бу тартибга риоя этилган. Шунинг учун сайлов ўтказувчи барча тузилмалар ўз ишини яхши билади. Қолаверса, яқинда референдум ўтказилгани ҳам сайловни юқори савияда ташкил этиш учун ўзига хос тажриба бўлди.
Энг муҳими, сайловчилар ўз ҳуқуқларини яхши билади. Сайловда иштирок этаётган фуқаролар хатти-ҳаракатини кузатиб бунга амин бўлдим. Умуман, Ўзбекистондаги сайлов жараёни осойишта, муҳими, ишонч асосида ўтмоқда.
– Сергей Анатольевич, сайлов жараёнларида қонунбузарлик ҳолатлари учрадими?
– Ўнлаб сайлов участкаларида бўлдим. Лекин бирорта қонунбузарликка йўл қўйилганини кўрмадим. Тўғриси, бу ерда илгарилари ҳам сайловларни кузатганман. Оилавий овоз бериш ҳолатлари учраб турар эди, яъни, бир оиладаги барча учун бир киши овоз берар эди. Тушунтириш ишлари билан бунга ҳам барҳам берилганига бугун амин бўлдим.
– Кузатувчиларга зарур шароитлар яратилганми?
– Ҳа, албатта, қайси участкага бориб кўришни хоҳласак, бориб бевосита кузатмоқдамиз. Нафақат халқаро кузатувчилар, балки партиялар вакиллари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам барча шароитлар яратилган. Бу сайловнинг очиқлик, халқаро стандартлар талаблари асосида ўтишига хизмат қилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, барча сайлов участкаларида хавфсизлик таъминланган.
Норгул Абдураимова, ЎзА