Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари ҳақида»ги қарорнинг ижроси таҳлил қилинди.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари ушбу масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини, шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган таклиф ва тавсияларни муҳокама қилдилар.
Ўрганишлар жараёнида аҳолидан бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги ҳақида асосли таклифлар келиб тушган. Туманларда истиқомат қилувчилар ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларига, тўй-ҳашам ва ош бериш маросимларида иштирок этувчилар сонига, тўй маросимларини ўтказиш вақтида келин-куёвни олиб юрадиган енгил автомашиналар миқдорига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди.
Пуллик автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига, миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказилишига йўл қўймаслик бўйича талаблар ижро этилишини назорат қилиш зарурлиги таъкидланди. Тўйхоналарнинг инфратузилмасини яхшилаш, масалан, автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини барпо этиш, кафе ва ресторанларга яқин ҳудудда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, овоз даражаси учун қоида ва нормалар белгилаш, санитария-гигиена қоидаларига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талабларига, хавфсизликка риоя этиш бўйича аҳолидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди. Уларнинг зиммасига ҳудудий ишчи гуруҳлар билан биргаликда тегишли ташкилот вакилларини ҳамда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва тўйхона эгаларини жалб қилган ҳолда аҳолининг фикр-мулоҳазаларини янада чуқур ўрганиш ва таклифларни муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур масаланинг телевидение, радио, ҳудудий босма нашрлар орқали ёритилишини таъминлаш вазифаси топширилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан бу борадаги вазиятни ўрганиш давом эттирилади.