ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳрида “Аёл – жамият кўзгуси” мавзуида маданий тарғибот тадбири ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маҳаллалардаги фаол аёллар иштирок этди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг жорий йил 23 майдаги мажлис баёнида кўрсатилган топшириқ ва вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбир хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи ва кийиниш одобини тарғиб қилиш мақсадига қаратилган.

Тадбир доирасида “Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги” мавзуида либослар намойиши ўтказилди. Унда ёш дизайнерлар ўз либослар коллекцияси билан қатнашди.

Ҳар жабҳада фаоллик кўрсатган бир гуруҳ хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган концерт дастури тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА