2023 йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори билан Марказий банк ва тижорат банкларига қиш мавсумида талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича январь-март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш топшириғи берилганди. Мазкур муддат 1 июндан якунига етмоқда. Қишда талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг тақдим этилган кредит таътиллари тугайди.

Президентимизнинг 2023 йил 5 апрелдаги «2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” ахборот тизими орқали амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида субсидиялар ягона электрон тизим орқали берилади.

Президентнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби бекор қилинади. Жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари учун ҳисоб-фактуралар талаб этилмайди.

Президентнинг 2022 йил 2 декабрдаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 июндан бошлаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида “яшил сертификатлар” тизими жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, тиббиёт муассасалари томонидан туғилганлик ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида QR-кодли маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади. Ўзбекистон бўйича чақалоқларнинг гувоҳномалари ФҲДЁ эмас, балки туғруқхонада берилади. Гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.

Президентнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар олиб ташланди. Савдо қилувчилар ва хизмат кўрсатувчилар куну тун ишлашига рухсат берилади.

Президентнинг 2023 йил 13 мартдаги “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва ОТМда давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун боғча бепул бўлади. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига 2 марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 январдаги “Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади. Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.

Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан ҳар йили: “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади. “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказилади.

Президентнинг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари 1 июнга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинганди. 1 июндан мазкур имтиёз якунига етмоқда. Суд-экспертиза ташкилотларига берилган божхона имтиёзлари муддати тугайди.

 

Шаҳноза Маматуропова,ЎзА