Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инвестиция форуми доирасида Саудиянинг “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян билан ўтказган учрашувда жорий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва шерикликни тубдан кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика тармоғи ривожига энг кўп сармоя киритаётган ушбу компания билан ҳамкорлик сермаҳсул бўлаётганини мамнуният билан қайд этди.

Бугунги кунда муқобил энергетика соҳасида 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, “яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар фаол тайёрланмоқда.

Суҳбат чоғида кооперацияни янада чуқурлаштириш, биринчи навбатда инновацион лойиҳаларни, шу жумладан Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши доирасида илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.