Қирғизистон парламенти депутатлари Эмил Токтошев ва Камила Талиева бугун бўлиб ўтган мажлисда қирғиз тилини лотин алифбосига ўтказиш бўйича таклиф киритди. Уларнинг фикрича, бу тил асраб қолинишига ёрдам беради.
– Ислоҳотни муваффақиятли амалга ошириш, тилимизни асраб қолиш учун лотин ёзувига ўтишимиз керак, – деди Токтошев “Қирғизистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида. Талиева ушбу ташаббусни қўллаб-қувватларкан, буни аллақачон амалга ошириш кераклигини таъкидлади.
Давлат тили бўйича миллий комиссия раиси Канибек Осмоналиев депутатларга “Агар лотин алифбосига ўтиш бўйича “сиёсий” қарор қабул қилинса, филология ва лингвистика мутахассислари жараённи бошлаб юборишга тайёр”, деган.
– Ушбу масала 1993 йил кўтарилган эди, бироқ ўшанда қатъий бир тўхтамга келинмади. Бугун туркий тилли мамлакатлар ичида фақат Қирғизистон тўлиқ кирилл алифбосидан фойдаланмоқда, – деди Осмоналиев.
Муҳокама натижасида “Қирғизистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Мазкур ҳужжат барча соҳада қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурийлигини назарда тутади. Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасидаги қонун лойиҳаси ташаббускорлари таъкидлашича, расмий рус тилининг камситилишига йўл қўйилмайди ҳамда иккинчи тил сифатида фойдаланилиши мумкинлиги белгиланган.