Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатда ҳарбий разведка йўлдоши яратилганини маълум қилди ва қурилмани ўз вақтида учиришни буюрди. Бу ҳақда КХДР Марказий ахборот агентлиги ёзган.

Маълумотга кўра, 18 апрель куни Ким Чен Ин таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юқори мансабдор шахслари, шунингдек, Корея Халқ Армияси Бош разведка бошқармаси қошидаги техник разведка бўлинмаси қўмондонлик штаби билан бирга Космосни тадқиқ қилиш давлат бошқармасига ташриф буюрган.

Раҳбар Коинот фанлари академияси ва фазовий синов базасини кўздан кечирди.

Ким Чен Ин “АҚШ ва Жанубий Корея ҳамкорлигида давом этаётган ҳарбий машғулот туфайли бу ишлар хавфсизлик билан боғлиқ хавотирли вазиятнинг олдини олишга қаратилган, айни вазиятда ҳарбий разведка сунъий йўлдошини қўлга киритиш ва бундай мосламадан фойдаланиш “ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи” доирасида мамлакат учун “жуда муҳим, энг устувор вазифа экани”ни таъкидлади.

Ким Чен Ин 2022 йил декабрь ойи охирида бўлиб ўтган пленумда тезроқ биринчи разведка сунъий йўлдоши ва ракетаси яратилишини ниҳоясига етказиш ва қурилмани учириш бўйича кўрсатма берган эди. Пхеньян апрель охирига қадар бу топшириқни бажариш режалаштирилганини билдирди.