Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) фикрича, вабо касаллигининг дунё бўйлаб тарқалиш хавфи жуда юқори.
Ташкилотдагиларнинг огоҳлантиришича, 43 мамлакатда бир миллиарддан зиёд одам вабо билан хасталаниш хавфи мавжуд.
Устига-устак, 2022 йил декабрь ойида ЖССТ вабога қарши ишлатиладиган вакцина танқис экани ҳақида ҳам маълум қилган эди. Чунки дунё бўйича вабога қарши вакцина захираси жуда кам, дейди ЖССТ мутахассислари.
ЖССТнинг вабо ва эпидемик диарея хасталиклари бўйича гуруҳи раҳбари Филипп Барбознинг таъкидлашича, вабо пайдо бўлиш ҳолатлари сонининг ортиб бориш тенденцияси давом этмоқда. Мутахассиснинг қўшимча қилишича, касалланиш ҳолатлари сонининг кўпайишига биринчи навбатда, қашшоқлик, можаролар ва офатлар сабаб бўлмоқда.