Москва суди Американинг “The Wall Street Journal” газетасининг жосусликда айбланган мухбири Эван Гершковични ҳибсда қолади. 18 апрель куни суд журналистнинг ҳибсга олиш ҳақидаги шикоятини кўриб чиқди ва рад қарорини чиқарди. Шунингдек, Москванинг Лефортова район судининг 30 мартдаги қарорини тасдиқлади.
Суд залига фақат АҚШ элчихонаси вакиллари ва ўн нафар журналист киритилди, деб ёзди “Mediazona”.
Екатеринбургда “жосус”ликда гумон қилиниб, Москвага олиб келинган 31 ёшли Эван Гершкович 30 март куни Лефортова район суди томонидан 29 майгача ҳибсга қолиши тўғрисида қарор чиқарган эди. У 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга олинган биринчи хорижий мухбир бўлди.
Федерал хавфсизлик хизмати журналист “Россия ҳарбий саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганини даъво қилмоқда.
Россия Жиноят кодексининг “жосуслик” моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. “Wall Street Journal” ва АҚШ ҳукумати Гершковичга қўйилган айбловларни рад этади.
ЎзА