Ҳиндистон дунёда энг кўп аҳолига эга мамлакатга айланди, шу вақтгача Хитой биринчи ўринда эди, энди аҳоли сони бўйича Чин мамлакати иккинчи ўринга тушиб қолди, дейилади MarketWatch нашрининг БМТ прогнозларига таяниб қилган таҳлилида.

Мустақил World Population Review (WPR) ташкилотининг маълумотига кўра, 17 апрель куни Ҳиндистон аҳолисининг сони 1 миллиард 425  миллион 937 минг 441 кишини ташкил этган. Бу вақтда Хитой аҳолиси сони 1 миллиард 425 миллион 744 минг 8 кишидан иборат бўлган.

MarketWatch таъкидлашича, Ҳиндистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга, бу нафат мамлакатнинг аҳоли сони, балки таркиби билан ҳам боғлиқ. Мамлакатда  ҳар 100 нафар ишлаш қобилиятига эга шахсга 47 нафар ишлаш қобилиятига эга бўлмаган шахс тўғри келади. Ҳолбуки, бундан 25 йил аввал 100 нафар ишлаш қобилиятига эга шахсларга 68 нафар ишламайдиган шахс тўғри келган.  2048 йилга келиб ушбу кўрсаткич бўйича, мамлакат 43 ўриндан 23 ўринга кўтарилади.

Хитойда ҳар 100 нафар ишлаш қобилиятига эга шахсга 45 нафар ишлаш қобилиятига эга бўлмаган шахс тўғри келади, бироқ 25 йилдан кейин ушбу кўрсаткич 68 нафаргача кўтарилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон ҳозирда демографик дивиденд даврида яшамоқда. Бу, ишлаш қобилияти бўлмаган шахс ҳиссаси жуда кам бўлган шароитда иқтисодиёт ўсиши билан характерланади.