Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасининг 49-моддаси бешинчи қисмида Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши белгиланмоқда.

Мазкур норма амалдаги Конституцияда белгиланмаган эди. Бу каби норманинг алоҳида белгиланиши Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш, уни тиклаш ва ривожлантириш учун шу йўналишда илмий изланишлар олиб бориш ҳамда натижаларини жорий этиш бўйича тегишли вазифаларни олдимизга қўяди. Орол денгизининг майдони 10, сув ҳажми эса 15 баробарга камайиб сув сатҳи 29 метрга тушиб кетди. Сув таркибидаги тузнинг кўрсаткичи 150-300 гр литрга етди. Натижада балиқ ва жониворлар қолмай биологик жиҳатдан ўлик денгизга айланган. Орол денгизи қишда ва ёзда мамлакатимизга келаётган ҳаво оқимини ҳам мўътадиллаштириб, терморегулятор вазифасини бажариб берган. Афсуски, Оролбўйи минтақасида юзага келган глобал экологик муаммо минтақа аҳолисининг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу сабабли Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Орол денгизининг қуриб қолган қисмида экотизимни яхшилаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди. 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди. Республикамизда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Тошкент кимё-технология институтида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, Оролбўйи минтақаси ҳудудига экспедициялар уюштирилди. Экспедиция давомида Орол денгизининг қуриган тубида янги турдаги ўсимликларни етиштиришни ташкил этиш мақсадида Оролбўйи ҳудудида ўсаётган ўсимликлардан, тупроқдан намуналар олиниб, таҳлил ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда институтда Оролбўйи ҳудудидан олинган черкез ва қандим, янтоқ, саксовул каби ўсимликларнинг кўчатлари ҳамда тупроқ намуналари устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган бу каби ишлар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, экишга яроқли дарахт-бута кўчатларини етиштириш, ҳудудларда “яшил боғлар” ни кўпайтириш, сув тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишларини йўлга қўйиш, дарахтзорларни парваришлаш ва зараркунандаларга қарши курашишга оид муҳим вазифаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади. Ривожланишнинг ҳозирги босқичида, айниқса экологик муаммоларнинг кескинлашуви шароитида Конституциянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ нормаларининг мустаҳкамланиши мамлакатимиз экологик муаммоларини ҳал этишни тараққиётнинг бош йўналишидан бири сифатида белгиланганлигини ифода этади.

Оролбўйи ҳудудидаги халқнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи инсоннинг асосий фундаментал ҳуқуқларидан бўлиб, инсоннинг барча асосий ҳуқуқларини, шу жумладан яшаш ҳуқуқини амалга ошириш учун жуда муҳимдир. Мазкур нормалар аҳоли ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларни яшаши ва ривожланиши учун қулай атроф-муҳитни таъминлашнинг Конституциявий кафолатларини яратади.

Ботир Усмонов,  

Тошкент кимё-технология институти ректори  

ЎзА