Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.С.нинг ёшга доир пенсияга чиқишда иш стажлари ҳисобга олинмаганлиги оқибатида пенсия тайинлаш рад қилинганлиги бўйича мурожаати амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ўрганиб чиқилди.

–Ўрганиш давомида фуқаро А.С.нинг ҳисобга олинган иш стажи 6 йил 9 ой 12 кунни ташкил қилиши маълум бўлди, – дейди Беруний тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Ваҳоб Тураниязов. – Унинг меҳнат дафтарчасида қайд қилинган фермер хўжаликларидаги меҳнат стажи, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, меҳнат стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда, электрон маълумотлар алмашинувида ўз тасдиғини топмаганлиги туфайли Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Беруний тумани бўлими томонидан меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмаганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 81-моддасида Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир, деб белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 283-моддасида Иш берувчиларнинг давлат ижтимоий суғуртаси учун бадал тўламаганликлари суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги кафолатланиши кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан, бўлим томонидан Маъмурий ишлар бўйича Нукус туманлараро судига ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Беруний тумани бўлимига фуқаро А.С.нинг ҳисобга олинмаган меҳнат стажларини инобатга олиш ва пенсия тайинлаш юзасидан мажбурият юклатилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири