Мамлакатимизга хориждан кириб келаётган ҳар қандай товар-моддий бойликлар, юртимиздан олиб чиқилаётган маҳсулотларнинг барчаси божхона органларининг қатъий назоратида.

Қонунчиликда белгиланган меъёрлардан ортиқ қисмларга божхона тўловларини ундириб, давлат бюджетининг шаклланишига ҳисса қўшиш, божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши тақиқланган ашёларнинг ҳаракатига ўз вақтида чек қўйиш, дастурхонимиз тўкис бўлишини таъминлаш билан бир қаторда ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, юртимиз экспорт салоҳиятини оширишда сарҳадларда божхоначиларимиз томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларида ўзининг фискал вазифаларини бажариш доирасида божхона тўловларидан давлат бюджетига қарийб 82 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилиши таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71 фоизга ортган. Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган имтиёзлар доирасида бошқарма томонидан ҳисобот даврида қарийб 69,6 миллиард сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз ва преференция қўлланилган.

2023 йил январь-февраль ойлари давомида бошқарманинг хулосаларига асосан 11 та ташкилотга жами 46,3 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловини кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг оғирини осон қилиб, ўз фаолиятини йўлга қўйиш, аҳолига янги иш ўринлари яратишида ўзига хос кўмак бўлмоқда.

Икки ойи якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 88,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, 44,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилган бўлса, импорт товарлар улуши эса 49,4 фоизга тенг бўлди.

Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ТИФ ва МЭД постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи пластмассадан ясалган буюмлар, ип-калава, фармацевтика, кимё саноати маҳсулотлари, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади. Товарлар импортида эса металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, технолигик асбоб-ускуналар, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва нефть маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари етакчилик қилмоқда.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари Россия, Хитой, Қозоғистон, Беларусь, Туркия, Корея, Германия, Латвия, Бирлашган Қироллик, Қатар ва бошқа давлатлар билан ўзаро савдо сотиқ муносабатларини йўлга қўйган.

2023 йил бошидан бошқарманинг Масофавий электрон декларациялаш (МЭД) божхона пости томонидан жами 2 минг 948 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, шундан экспортга расмийлаштирилганлар сони 1 минг 819 тани ёки 61,7 фоизини ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 58 тага ёки 3,3 фоизга ошган.

Ушбу божхона юк декларацияларининг хавфни бошқариш тизимида 1 минг 675 таси “яшил”, 957 таси “сариқ” ва 316 таси “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган. Яъни, ушбу даврда бошқарма тасарруфидаги божхона постлари орқали ҳаракатланган ташқи савдо юкларининг қарийб 90 фоизи божхона кўригидан ўтказилмаган ёхуд соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказилган бўлиб, атиги 10 фоиз юкларга нисбатан божхона кўриги амалга оширилган.

Яратилган шароитларга қарамасдан, божхона тўловларидан бўйин товлаш, божхона ходимларининг кўзларини “шамғалат” қилишга уриниб, божхона чегаралари орқали ноқонуний товар моддий бойликларни олиб ўтишга ҳаракат қилиш ҳолатлари тўхтамаяпти. Қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларида жами 70 та ҳолатда қиймати 1 миллиард 741 миллион сўмлик товар моддий бойлик ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида ушлаб қолинди.

Ҳисобот даврида жами қиймати 90 миллион сўмлик 886 литр сифати кафолатланмаган спирт ва қўлбола усулда тайёрланган алкоголь ичимликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Шунингдек, гиёҳвандлик моддалар билан боғлиқ 2 та ҳолатда 5,61 гр героин гиёҳвандлик моддаси, 50 дона “Баклосан” психотроп воситаси, кучли таъсир қилувчи моддалардан 43 дона “регапен”, 24 флакон “Тропикамид” дори воситалари ноқонуний айланмадан олинди.

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, бугун мамлакатимизда юз бераётган жадал ислоҳотлар жараёнида божхона органлари ҳам замон билан ҳамнафас қадам ташламоқда. Жумладан бутунлай рақамлашган тизимда хизмат олиб бораётган божхоначилар ҳам юртимиз равнақи, халқимиз осойишталигини таъминлашда таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА